20 Май 2020 82

Марказий Осий давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг видеоконференцияси бўлиб ўтди

Унда шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Евроосиё тараққиёт банки каби халқаро молия институтларининг вакиллари иштирок этдилар.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири С.Омаров, Қирғизистон қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация  вазири Э.Чодуев, Тожикистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири А. Салимзода, Туркманистон қишлоқ ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири М.Байрамдурдиев ва бошқалар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, айниқса, қишлоқ жойларида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда узилишларнинг олдини олиш мақсадида пандемия натижасида келиб чиқадиган иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича кейинги қўшма чоралар муҳокама қилишди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев Андижон вилоятидан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиб, Covid-19 пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига кўрсатаётган салбий таъсири, хусусан, дунё қишлоқ хўжалиги янгича шароитда фаолият кўрсатишга мослашиши кераклиги, ҳозирги мураккаб вазиятни ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш орқали муваффақиятли босиб ўтиш мумкинлиги ҳақида тўхталди. Мазкур мулоқот бу борада муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, ўз нутқида коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон ҳукумати томонидан озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

 Ж.Ходжаев сўнгги йилларда қурғоқчилик, бўронли шамоллар ва давомли кучли ёмғирлар  каби ноқулай об-ҳаво шароитлари тобора кўпроқ кузатилаётганини ва қишлоқ хўжалиги соҳасини мураккаб аҳволга солаётганига тўхталиб ўтди. Хусусан, чегара ҳудудларда чигирткаларнинг мавжудлиги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига, умуман, иқтисодиётига жиддий зарар етказиши мумкинлигини таъкидлаб, мамлакатимиз зараркунандаларга қарши кураш чораларини кўраётганини маълум қилиб, Марказий Осиёнинг барча давлатларини ушбу офат тарқалишига қарши биргаликда курашишга чақирди.

Бу борада ФАО ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан маъқулланган "Чигирткаларга қарши  курашишни такомиллаштириш учун Марказий Осиё ва Афғонистон учун" қўшма лойиҳаси муҳим аҳамият касб этишини билдириб, иштирокчи давлатлар уни амалга оширишда  ҳамкорлик қилишлари зарурлигини маълум қилди.

Конференция иштирокчилари музокаралар муваффақиятли ва самарали ўтганини, мазкур  тадбир Марказий Осиё давлатларининг бирдамлиги намоён этиш билан бирга, минтақа қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш борасида муҳим қадам бўлганини, бундай тадбирларни ўтказиш анъанага айланиши лозимлигини таъкидладилар.

 

Учрашувда Ўзбекистон томони ФАОнинг келажакда бугунги учрашувда эълон қилинадиган таклифлар бўйича минтақавий мулоқотининг  ушбу форматини сақлаб қолган ҳолда келгусидаги ишларни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech