Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан ортиқ қисми яшаётган қишлоқларнинг фаровонлик даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Шу муносабат билан сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимида институционал ислоҳотлар амалга оширилди, пахта хом ашёси ва бошоқли дон маҳсулотларини давлат томонидан кафолатланган харид нархларини сезиларли даражада кўпайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги оширилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер модели кенг жорий этилмоқда, натижада охирги йилларда пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган ер майдонлари ҳажми мазкур экин тури учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларининг 52 фоизини ташкил этди.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) асосий вазифалари ва фаолияти этиб белгиланган:

  • биринчи навбатда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини жорий этиш, илғор тажриба ва фан ютуқларини, замонавий ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда замонавий кооперация муносабатларини кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қўшилган қиймати занжири яратилишини рағбатлантириш;
  • агробизнеснинг кластер моделини кенг жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, кластерлаш жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластерларни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
  • агротехник тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳосилдорлиги паст ерлар унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишга кўмаклашадиган қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш;
  • кенг кўламли замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш ва сифатли қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятини ошириш орқали қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
  • ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши курашиш, агрокимёвий хизмат кўрсатиш ва тупроқни муҳофаза қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • таълим, фан ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни тизимли асосда узвий интеграциялашувини, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юқори малакали соҳа мутахассисларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech